Видео: Тошкентда ўғирланган автомобиль ўққа тутилди - 5 Сентября 2017

 
Бугун, 5 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари олиб қочилган Spark автомобилини тўхтатиш учун уни ўққа тутишди.

Тахминан соат 17:30-18:00 оралиғида Мустақиллик ва Оққўрғон (Дархон) кўчалари чорраҳасида оқ рангли Spark автомобили светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига бўйсунмасдан ҳаракатланган ва йўлидаги бошқа автомобилларга шикаст етказган.

Бу ҳолат видеоси интернетда тарқалди. Видеода ичида бир неча киши бўлган автомобилни милиция ходимлари ўраб олиб, тўхтатишга ҳаракат қилгани, сўнг бир неча марта ўқ узилганини кўриш мумкин. Лекин автомобил қуршовдан чиқиб, йўлида ҳаракатланган.


4 сентябрь куни эрталаб Facebook ижтимоий тармоғидаги «Водители Ташкента» (Drivers.uz) гуруҳида автомобиль ўғирлангани тўғрисидаги хабар эълон қилинганди. Тахминларга кўра, бу ўша автомобил бўлиши мумкин.

Кейинроқ маълум бўлишича, ушбу автомобил Боткин қабристони яқинида топилди. Интернетда орқа бампери осилиб қолган, ғилдираклари тешилган ҳолатдаги автомобил сурати тарқалди.



Ҳодиса юзасидан Тошкент ИИББ расмий хабар берди. Хабарда тезкор тадбир жараёнида автомобилни тўхтатиш ва машина билан пиёдалар ва ҳайдовчиларга зарар етказишга йўл қўймаслик мақсадида қуролдан фойдаланилгани тасдиқланди. Айни пайтда ўғрилар қўлга олингани тўғрисида маълум қилинмади.
uCoz