Samsung'дан икки камерали ҳамёнбоп смартфон (суратлар) - 5 Сентября 2017

 
Икки камерали смартфонни қўлга киритишни истаганларнинг ҳаммасида ҳам энг замонавий хомашёдан ишланган флагман моделини харид қилиш имкони йўқ. Боз устига, шиша корпус, максимал имкониятлар жамланган супераниқ экран ва бошқа хусусиятлар учун қўшимча тўлов киритиш ҳаммага ҳам маъқул келавермайди. Бироқ ҳеч қайси компания ўз харидорларини йўқотгиси келмайди, шу жумладан икки асосий камерали Galaxy J7+ смартфонини тақдим этган Samsung ҳам. Мобил бозори етакчиларидан бирининг янги қурилмаси Хитой брендларининг бозорга чиқиб улгурган муқобилларига, айниқса яхши натижаларга эришаётган Xiaomi'га рақобатчи бўлиши кутилмоқда. 24gadjet шу ҳақидаги маълумоти билан бўлишди.

Samsung Galaxy J7+ смартфони 5.5 дюймли Super AMOLED-дисплей (1920 × 1080 пикселли Full HD), 2.4 ГГц частотали 8 ядроли процессор, 4 Гб оператив ва 32 Гб флеш-хотирага эга.


Асосий икки камера f/1.7 диафрагмали 13 мегапикселли модуль ва f/1.9 максимал ёруғлик кучига эга ёрдамчи 5 мегапикселли сенсордан иборат. Фронтал камера f/1.9 апертура ва LED-вспишкали 16 Мп'ли датчик билан жиҳозланган. Янги қурилмага Galaxy Note 8 флагманидан лойқа фон эффектини яратишга имкон берувчи Live Focus (жонли фокус) функцияси ўтган.


Қурилманинг қолган техник хусусиятлари қуйидагича: симсиз тармоқ модуллари - Wi-Fi b/g/n, Bluetooth 4.2 ва NFC, GPS навигацияси, LTE модеми. Икки SIM-картани қўллаб-қувватлайди. Аккумулятор сиғими - 3000 мАс. Экран остидаги тугмага бармоқ излари сканери интеграциялаштирилган. Смартфон шунингдек Android 7.1.1 Nougat операцион тизими ва Bixby овозли ёрдамчиси билан таъминланган.


Смартфон ўлчамлари 152.4 × 74.7 × 7.9 мм'ни ташкил қилади, оғирлиги - 178 гр. Қурилма уч хил рангда тақдим этилади: қора, пушти ва тилларанг. Янги смартфон нархи - 390 доллар атрофида.












uCoz