Фарғонада яна бир муаммоли тунги клуб - 5 Сентября 2017

 
KUN.UZ фуқаролар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, мурожаатлари бўйича таҳлил қилиб, унга ечим изламоқда. Фурқат туманининг марказида РИО клуби фаолият олиб боради. Бу клуб тадбиркор Алишер Маҳмудовга тегишли бўлиб, мазкур манзилни тўй ва турли маросимларни ўтказиш мақсадида очган ва лицензияни қўлга киритган. Фаолияти эса тунги 22:00 га қадар олиб борилиши кўзда тутилган.

Бироқ, бизга келиб тушган мурожаатда РИО клуби, тонг 03-04га қадар фаолият олиб бораётгани, тўй ва турли маросимлар эмас, диско клубга айланган, бу ерда балоғатга етмаган ёшлар фаолият олиб бориши, айрим маст кимсалар дастидан клуб ёнида истиқомат қилувчи аҳоли тинчлиги бузилганлиги айтилган. Мазкур муаммони ўрганиш мақсадида Фурқат тумани ҳокими ўринбосари, Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш комиссияси раиси Баҳодир Абдуллаев билан боғланганимизда муаммо 2 кун ичида ечим топишини айтиб ўтди.

2 кундан сўнг Б.Абдуллаев билан яна боғланганимизда, бу муаммо бўйича туман ДСИ бошлиғи А.Қосимовга тадбиркорнинг лицензиясини ўрганиш бўйича хат чиқарганини айтди.


Кузатувимиз шуни кўрсатдики, чиндан ҳам тадбиркорнинг лицензиясида тунги 22:00 га қадар фаолият олиб бориши кўзда тутилгани, тадбиркор эса ноқонуний тарзда тонгги 04:00га қадар фаолият олиб борилаётгани аниқланди. Туман ҳокимлигидан аниқ жавоб келмаганидан сўнг, муаммо бўйича Фурқат тумани ДСИ ҳодими Давлат Халилов билан боғландик. Давлат Халилов ҳам муаммони 3-4 кунда ҳал этиши, диско клуб фаолиятини 22:00га қадар юргазишини ваъда берди. Бироқ, 4 кун ўтганидан сўнг ҳам муаммо муаммолигича турганини шу клуб ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар айтиб ўтдилар.

Хўш РИО мажмуаси (диско клуби)да қачонгача балоғатга етмаган ўсмирлар фаолият олиб боради? Қачонгача шу ҳудудда истиқомат қилаётган фуқаролар маст кимсалар дастидан тинчликларини йўқотадилар? Лицензиясида 22:00 га қадар фаолият олиб борилиши кўзда тутилган тунги клуб қачон адолат юзасида ишлайди? Бу саволларнинг жавоби биз учун ҳам қизиқ. Муаммо ечим топиши учун изланишдамиз. Демак, мавзуга яна қайтамиз.
uCoz